Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг БМТ бош қароргоҳидаги нутқи давомида ривожланаётган давлатларда интернетга киришнинг кенгайтирилиши 160 млн кишини ночорлик ҳолатидан чиқаради, деб айтди. Бу ҳақда USA Today нашри маълум қилди.

Цукерберг, шунингдек, интернетга киришнинг кенгайтирилиши миллионлаб болаларга таълим олиш имкониятини бериши ва 140 млн дан ортиқ иш ўрни яратишини айтди.

Бундан ташқари, у интернетни ижтимоий-иқтисодий тараққиётни ҳаракатлантирувчи кучлардан бири эканлигини айтди ва бутунжаҳон тармоғини инсон имкониятларини рағбатлантириш ва ривожлантиришнинг муҳим воситаларидан бири деб ҳисоблашга чақирди.

Аввалроқ Марк Цукерберг мактабга ўзи ясаган қўлбола соат олиб келгани учун ҳибсга олинган 14 ёшли Аҳмад Муҳаммадни меҳмонга чақириб, камдан-кам одамлар бундай “зўр” нарсани ясай олишга қодирлигини айтиб, уни мақтагани маълум қилинганди.