АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Мелборн шаҳридаги пляжда денгиз тошбақасини миниб сайр қилган 20 ёшли қиз ҳибсга олинди, деб ёзмоқда The Daily Mail нашри.

Стэфани Мари Мур исмли бу қиз тунги пайт пляжда тошбақани миниб олган ҳолда суратга тушган икки қиздан бири бўлган. Snapchat’да чоп этилган бу сурат фейсбук ва твиттерда тез тарқалиб кетди ва полиция ҳайвонларни муҳофаза қилиш гуруҳлари билан бирга ушбу воқеани тергов қилишни бошлади.

Бирмунча вақтдан кейин қўшниларининг шовқинидан шикоят қилинган уйга борган полициячи Мурни таниб қолди ва уни ҳибсга олди.

Айни пайтда у 2 минг доллар товон пули эвазига қамоқхонада ушлаб турилибди. Қизни Флоридада ҳайвонлар билан бераҳм муносабатда бўлганлик учун жиддий жазо кутмоқда.

Кўпгина ҳолатларда, жумладан ушбу ҳолатдаги каби, ҳайвонларга кераксиз азият ва оғриқлар бериш оғир жиноят ҳисобланади.

Агар Мур айбдор деб топилса, у 5 йилга озодликдан маҳрум этилиши ва 10 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин.

Денгиз тошбақалари йўқолиб кетаётган тур ҳисоблангани учун федерал ҳамда штат даражасида ҳимоя қилинади.