Денис Истомин Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида якунига етиб бораётган мукофот жамғармаси 1 миллион 30 минг долларни ташкил қилувчи турнирнинг жуфтликлар баҳси ярим финалида ўз юришини тўхтатди.

Беларуслик Александр Бурий билан жуфтлик ҳосил қилган Истомин финал чиптаси учун филиппинлик Трит Хуэй ҳамда финляндиялик Хенри Континен ҳамкорлигига қарши баҳс олиб борди. Икки сет давом этган учрашувда Истомин ва Бурий рақибларига 3:6, 5:7 ҳисобида имкониятни бой беришди.

Эслатиб ўтамиз, Истомин St.Petersburg Open турнирининг яккалик баҳслари чорак финалида австриялик Доминик Тимга 2:6, 5:7 ҳисобида ютқазиб қўйган эди. Ушбу турнир ғолиби 187 350 доллар мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси 28 сентябрь куни Хитойнинг Шеньжень шаҳрида асосий тўр баҳслари старт оладиган ATP доирасидаги Shenzhen Оpen турнирида иштирок этади. Ушбу мусобақанинг мукофот жамғармаси 668 минг 945 АҚШ долларини ташкил этади.

Қуръа натижасига кўра Истомин илк даврада чехиялик Лукаг Росолга қарши кортга чиқадиган бўлди. Ушбу жуфтлик ғолибини иккинчи даврада Гильермо Гарсия-Лопес кутиб турибди. Испаниялик тенничи турнирда 4-рақам остида таснифланган бўлиб, ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлайди. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

Таққослаш учун, Денис Истомин дунё рейтингида 72, Лукаш Росол эса 82-ўринни эгаллаб турибди. Мусобақа ғолиби 110 минг 575 доллар мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади. Биринчи даврада иштирок этган теннисчиларнинг барчаси натижадан қатъий назар ўз ҳамёнларини 6275 долларга бойитиб олишади.