27 сентябрь куни минглаб мексикаликлар 43 нафар талабанинг йўқолганга 1 йил тўлиши муносбати билан кўчаларга чиқишди.

Ассошейтед Пресс хабарига кўра, намойишчилар ушбу воқеа бўйича айбдорлар жазоланиши ҳамда мамлакат президенти Энрике Пенья Ньетонинг истеъфога чиқишини талаб қилишган. Намойишчиларнинг олдинги қаторларида бедарак йўқолган талабаларнинг ота-оналари боришган. Уларнинг аксари камбағал фермерлар ҳисобланишади.

Бундан олдинроқ, ҳуқуқ фаоллари президент билан учрашишганди. Президент бу борада текширив олиб бориш учун махсус бўлим тузилишига ваъда қилган. Маълумотларга кўра, 2007 йилдан ҳозиргача Мексикада 25 минг нафардан ортиқ киши бедарак кетган.

Агентлик маълумотига кўра, 2014 йилнинг 26 сентябрь кунида Игуала шаҳрида полициячилар ва махсус хизматлар ходимлари таълим соҳасидаги ислоҳотларга норозилик сифатида намойишга чиққан талабаларга ҳужум қилган ва улардан 6 нафарини ўлдириб, 17 нафарига тан жароҳатлари етказган. Шунингдек, 43 нафар талаба ҳибсга олиниб, воқеа жойидан олиб кетилган шундан кейин уларни ҳеч ким кўрмаган. Кейинчалик тарқалган хабарларга кўра, талабалар Guerreros Unidos номли жиноий гуруҳ қўлига топширилган. Жиноятчилар эса уларни ўлдириб, ёқиб юборишган.

Полициячилар бу ҳаракатлари Игуала шаҳри мэри Хосе Луис Абарки кўрсатмаси бўйича амалга оширилганига иқрор бўлишган. Бу жиноят бўйича 100 нафардан ортиқ киши ҳибсга олинган.