Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессиясидаги нутқи давомида Сурия президенти Башар Асаднинг зудлик билан истеъфога кетиши талабларидан воз кечмоқчи. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Sunday Telegraph нашри хабар берди. Нашр бу қадамни Яқин Шарқдаги можарони Британия томонидан қабул қилинишидаги “кескин силжиш” деб атади.

Нашрнинг маълумотларига кўра, эндиликда Лондон Сурия етакчисига “муваққат даврда” ўз лавозимида қолишига қаршилик кўрсатмайди. “Кэмерон миллий келишув ҳукумати шаклланиши пайтида Асаднинг қисқа муддатли истиқболда президент бўлиб қолишига қарши эмас”.

Sunday Telegraph’нинг таъкидлашича, Лондоннинг ўз фикрини ўзгартиришини Ғарб томонидан тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдид шароитида Асадни қурол-аслаҳа етказиб бериш билан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини “аниқ ифодалаган” Россия президенти Владимир Путиннинг ғалабаси деб қараш мумкин.

“Асадга бир озга бўлса ҳам ҳокимият тепасида қолишга имкон бериб, Буюк Британия ва АҚШ Кремлнинг асоий талабини бажаришмоқда. Бу Россия ва Ғарбнинг “ИШИД”га қарши курашида ҳамкорлик қилишга йўл очади”, деб ёзилмоқда нашрда.