Кўрилаётган чораларга қарамасдан Ироқ ва Сурия ҳудудидаги ИШИД сафида жангларда қатнашиш учун келаётган хорижликларнинг миқдори ўсишда давом этмоқда. Кейинги 4 йил давомида бу давлатларга хориждан 30 минг атрофидаги киши жангарилар сафига қўшилиш учун келган. Бу ҳақда АҚШдаги The New York Times нашрида ёзилган.

Нашр тадқиқотчиларининг маълумотларига кўра, 2011 йилдан буён Сурия ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш мақсадида дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатидан деярли 30 минг киши келган.

"1 йил олдин бу ҳудудларга дунёнинг 80га яқин давлатидан 15 минг атрофидаги киши жангарилар сафига қўшилиш учун келгани маълум бўлганди. Кўрсаткичлар ўсиб бормоқда", дейилади хабарда.

Нашрнинг тавсия қилишича, бундай кишилар оқимининг камайиши учун Ироқ ва Сурияга кириш йўлларида назоратни қатъйилаштириш керак.

Маълум қилинишича, айни вақтга келиб, Сурия ва Ироқ ҳудудида ўлдирилган америкаликлар сони 250 нафарни ташкил этмоқда. Бир йил олдин бу миқдор 100 нафарга тенг эди.

Маълумот учун, бу ҳудудлардаги жангарилар 2013-14 йилларда фаолиятини кенгайтирди ва ИШИД номли катта ташкилот тузишди. 2014 йилнинг июнида ташкилот ўз тасарруфидаги ҳудудларда халифалик эълон қилди.

МРБ маълумотларига кўра, ИШИД сафида Франция, Буюк Британия, Германия, Марокаш, Саудия Арабистони, Канада, Россия ва МДҲнинг бир қатор давлатларидан келган жангарилар кўпчиликни ташкил қилади.