Россия президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд телефон орқали Суриядаги вазиятни ҳамда “ИШИД” ва бошқа террорчилик гуруҳларига қарши курашни муҳокама қилишди, деб хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати.

Суҳбат Россия ташаббуси билан бўлиб ўтди. Путин Маккадаги фожиа муносабати билан Саудия Арабистони раҳбарига ҳамдардлик билдирди.

“Икки давлат етакчиси биринчи навбатда Суриядаги вазиятни тартибга солиш йўлларини излаш ҳамда “ИШИД” ва бошқа террорчилик гуруҳларига қарши курашда самарали халқаро ҳамжиҳатликни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан минтақавий хавфсизлик бўйича фикр алмашишди”, дейилмоқда хабарда.

Томонлардан ҳар бири халқаро масалалар бўйича суҳбат ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янада ривожланишидан манфаатдорликларини билдиришди.