АҚШнинг Филадельфия шаҳрида бўлиб турган Рим папаси Францискни ўта чарчаган ва чўлоқланиб юришни бошлаганини пайқашган. Бу ҳақда 26 сентябрь куни USA Today нашрида ёзилди.

Ватикан вакиллари журналистларни понтифик 78 ёшдалигига қарамасдан узоқ сафарлардан кейин ҳам ўзини бардам ҳис қилаётганига ишонтирмоқда.

"У ўз ишчи сафари давомида кўп жойларда бўлди ва кўп ишларни амалга оширди. Унинг жисмонан толиқиши табиий ҳол", деб изоҳ беради Ватикан матбуот хизмати вакили Федерико Ломбарди.

Бундан ташқари, папа Франциск 26 сентябрь куни Нью-Йоркдаги аэропортда самолётга чиқаётган вақтда қоқилиб кетди.

Ватиканнинг бошқа бир вакили Томас Росикининг айтишича, бу воқеага унинг чарчагани эмас, устидаги узун кийимлари сабаб бўлган.

Маълумки, Рим папаси тиззасидаги радикулитдан азият чекади. Лекин Росикининг айтишича, уни бу дарди ҳозирча безовта қилмаяпти. Унинг сўзларига кўра, папа ўз сафаридан роҳатланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Рим папаси Франциск 22 сентябрь куни ўзининг АҚШдаги сафарини бошлаган ва бу сафар 27 сентябргача давом этиши белгиланганди. У бу мамлакатда президент Обама билан учрашди ҳамда АҚШ Сенати мажлисида иштирок этган илк понтификка айланди.

У шунингдек, Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади. Папа АҚШга келишидан олдин Кубада ҳам бўлганди. Унинг 10 кунлик сафари Филадельфияда якунланади.