22 сентябрдан бери АҚШда сафарда бўлган Рим папаси Франциск Филадельфия шаҳри аҳолиси билан учрашганида жиддий мавзу – оилалардаги муаммоларни муҳокама қилиб туриб орада қайноналар ҳақида ҳазиллашиб ўтди.

“Оилалардаги жанжаллар турли сабаблар туфайли рўй беради. Мисол учун, болалар ота-оналарига кўплаб бош оғриқлар яратадилар. Қайноналар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади”, деб айтди Рим папаси.

Понтификнинг бу ҳазили ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетди.
“Мен бу ҳазилни рафиқам ҳар куни эшитиши учун ёзиб олишим керак. Бу Францискнинг ажойиб нутқи бўлди!, деб айтиб ўтди фойдаланувчилардан бири.
Қайд этиш жоизки, бу ҳолат Рим папаси қайноналар борасида ҳазиллашаётган биринчи ҳолат эмас.

2014 йилда понтифик оила ҳақида гапира туриб шундай луқма ташлаган эди: “Ҳаммамизга аён, бенуқсон оилалар бўлмайди. Шунингдек, идеал эр ва идеал рафиқалар ҳам бўлмайди. Келинг, қайноналар ҳақида умуман гапирмай қўя қолайлик”, деб ҳазиллашиб ўтган эди.
Ўшанда понтификнинг бу гапи томошабинларнинг кулгусига сабаб бўлган эди.