Швейцариянинг Санкт-Галлен кантонида 24 нафар муҳожир учун мўлжалланган махсус бошпана ёнғин туфайли вайрон бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар асосида Рейтер хабар берган.

Маълум қилинишича, ёнғин чиққан вақтда бино ичида 14 нафар муҳожир бўлган. Улар ўз вақтида қутқариб олинган. 2 соат давом этган ёнғинни ўчириш жараёнида 70 нафарга яқин ўт ўчирувчи иш олиб борган.

Ҳозирча ёнғин сабаблари аниқланмаган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам бу воқеага расман изоҳ беришганича йўқ.

Швейцария Конфедерацияси Европа Иттифоқига аъзо бўлмаса-да, 18 сентябрь куни ўз ҳудудига 1,5 минг нафар муҳожирни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилганди. ЕИ ўз ҳудудидаги давлатларга 40 минг нафар муҳожирни тақсимлаш бўйича қарор қабул қилган.