Туркиядан Грецияга қайиқ орқали ўтиб олишга ҳаракат қилган 17 нафар муҳожир ҳалокатга учраб, Бодрум яқинидаги сувларга чўкиб кетди.

Туркиядаги нашрларда ёзилишича, ҳалок бўлганлар суриялик ва улар орасида 5 нафар аёл ҳамда бир бола бор эди.

Доган ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ушбу қайиқда жами 37 киши бўлган ва улардан 20 нафари махсус қутқарув жилетлари эвазига омон қолган.

Тахмин қилинишича, бу қайиқ Гумқишлоқ пункти яқинидан йўлга чиққанди. Айнан шу жойда сентябрь ойи бошида ҳам ҳалокат юз берган ва бу ҳалокат натижасида қирғоққа 3 ёшли Алан Курдининг жасади чиқиб қолиши бутун дунё эътиборини ўзига қаратганди.

Халқаро миграция хизмати маълумотларига кўра, 2015 йилнинг бошидан буён Туркиядан Эгей денгизи орқали 300 минг нафарга яқин муҳожир Грецияга ўтган.