27 сентябрда Афғонистонда спорт майдончасида содир этилган теракт оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, 35 киши яраланди, деб маълум қилмоқда Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги.

Теракт Афғонистон шарқидаги Пактика вилоятида содир бўлди. Агентлик маълумотларига кўра, террорчи волейбол майдончасида ўз танасидаги портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган.

Айни пайтда бирорта террорчи гуруҳ ушбу жиноят учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

БМТнинг Афғонистонга кўмак бериш миссияси ҳисоботига кўра, Афғонистонда жорий йил биринчи ярмининг ўзидаёқ теракт ва босқинчиликларда ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 1,5 мингдан ошиб кетган, 3,3 мингдан кўпроқ одам жароҳат олган.