Халқаро жиноий гуруҳлар томонидан ҳар йили маданият ва санъат буюмларининг ноқонуний савдосидан оладиган даромади ҳажми 3,4 млрд доллардан 6,3 млрд долларга ошиб, ушбу маблағларнинг катта қисми терроризмни молиялаштиришга сарфланади. Бу ҳақда БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси директори Юрий Федотов 27 сентябрь куни жаҳон ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳидаги маърузаси вақтида маълум қилди.

У Италия, Иордания, Интерпол, ЮНЕСКО ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг тарихий объектларни ҳимоя қилиш ва маданий қимматликлар контрабандасига қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган дастурнинг ишга туширилишига бағишланган йиғилишда иштирок этди.

Федотовнинг сўзларига кўра, “сўнгги вақтларда экстремистлар ва террористлар томонидан маданий қимматликларнинг бузилиши, талон-тарож қилиниши ва контрабандаси ҳамда савдо-сотиғи билан шуғулланиш, шунингдек, уларнинг халқаро жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ҳолатлари ўсган”. Унинг таъкидлашича, маданий қимматликлар контрабандаси терроризмни молиялаштириш манбаларидан бирига айланган.

“Бизнинг уч асосий мақсадимиз бор, - деди Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Паоло Жентилони дастурнинг ишга туширилиши тўғрисида сўзлар экан. – Биринчиси – маданий ёдгорликларни ҳимоя қилиш, иккинчиси – террорчи гуруҳларни қадимий ва маданий ёдгорликлар ортидан даромад топишдан маҳрум қилиш, учинчиси – маданий ёдгорликларга йўл очиш”.

Жентилони Италия БМТга аъзо мамлакатлар томонидан мутахассислар, олимлар, археологлар, шунингдек, ҳарбий қисмлардан иборат халқаро ишчи гуруҳини тузиб, маданий ёдгорлик объектларини ҳимоя қилиш ва уларни тиклаш бўйича кўп даражали амалиётларни ўтказиш таклифи билан чиқишини қайд этиб ўтди.

“Мазкур чоралар маданий ёдгорликлар ҳимоясига дахлдор ЮНЕСКО имкониятларини ҳам бевосита кенгайтиришга ёрдам берар эди, - деди у. – Мазкур ишчи гуруҳ БМТ тинчликпарвар амалиётларида ҳам иштирок этиши мумкин”.

ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокова ҳам, ўз навбатида, БМТга аъзо барча мамлакатларни Суриядан олиб чиқилган артефактларнинг ноқонуний савдоси ҳолатларни аниқлаш мақсадида ахборотлар алмашиш учун зарур чораларни кўришга чақирди.