Doogee компанияси T6 номи остида узоқ вақт ишлатишга мўлжалланган янги смартфон устида иш олиб бораётгани маълум бўлди.

Мазкур усткуна 6000 мА•с ҳажмли аккумулятор билан таъминланади. Бу эса мунтазам равишда ишлатилганда ҳам бир неча кун давомида смартфонни қувватлашга эҳтиёж туғдирмаслигини кўрсатади. Ушбу қурилмага, шунингдек, қувват олишни тезлаштирувчи Pump Express технологияси ҳам ўрнатилади.

Экран ҳажми ҳақидаги маълумотлар ҳозирча ошкор қилинмаган, бироқ унинг 4 та ARM Cortex A53 ядросига эга 64 битли MediaTek MT6735 бир кристалли процессор билан таъминланиши маълум. Унинг тактик частотаси 1,5 ГГц га қадар ортади. Тасвирларни қайта ишлаш учун эса Mali-T720 тезлаткичи ўрнатилади.

Смартфоннинг тезкор хотираси 2 Гбни ташкил этса, 16 Гб ли флеш-модулини кенгайтириш имкони йўқ экани маълум қилинди. Шунингдек, асосий камераси 8 мегапиксель, олд камераси эса 2 мегапикселни ташкил қилади.

Смартфон Android 5.0 Lollipop операцион системасида ишлайди. Унинг ҳажми 154,5 × 77,6 × 10,2 мм дан ибора экани айтилмоқда. Бу эса экран диагонали 5 дюмдан (1 дюм – 2,54 см) ортишини англатади. Doogee T6 моделининг намойиши ноябрь ойида бўлиб ўтиши хабар қилинди.