Италиялик тажрибали мутахассис Фабио Капелло «Ювентус» бошқарувига келиши мумкин. Бу ҳақда Calcio Mercato хабар берган.

Маҳаллий ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Турин клубининг ҳозирги бош мурабийи Массимилиано Аллегрининг тақдири кейинги икки ўйинга боғлиқ. Агар ижобий натижалар қайд этилмаса, у истеъфога чиқади.

Капелло 2004-2006 йилларда "Ювентус" билан икки бор Скудеттони қўлга киритган эди.

"Кўҳна синьоралар"нинг янги бош мураббийи бўлиши мумкин бўлганлар орасида Марчелло Липпи, Вальтер Маццари ва Юрген Клопп номлари ҳам санаб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 турдан сўнг, ўтган мавсум чемпиони "Ювентус" чемпионатда беш очко билан 15-ўринда бормоқда.