Каталонияда маҳаллий парламентга сайловларда Каталониянинг Испаниядан мустақил бўлиши тарафдорлари ғалаба қозонишди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги дастлабки ҳисоб-китобларга таянган ҳолда маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Каталония президенти Артур Мас бошчилик қилаётган “Junts pel Si” (“Мустақиллик учун бирга”) блоки парламентдаги 135та ўриндан 63-66та ўрин олади. Шунингдек, Каталониянинг мустақил бўлишини истаётган “Халқ бирдамлиги номзодлари” сўл партияси 11-13 ўрин олади. 

Каталония мустақиллигини истаётган партиялар 135 ўринлик парламентда 68та ўрин олишга умид билдирмоқдалар. Бундай натижа уларга “Каталониянинг мустақиллигига эришиш жараёнини” ишга тушириш, яъни янги ҳукумат тузиб, қонунчиликни ўзгартиришга имкон беради. Айирмачиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Каталония 18 ойдан кейиноқ мустақил давлатга айланиши мумкин.