Непал ҳукумати якшанба, 27 сентябрь кунидан мамлакатда ёнилғи танқислиги вужудга келиши эҳтимоли мавжудлиги сабабли автомобиллар ҳаракатида чекловлар жорий этди, дея хабар бермоқда NDTV.

Нашр маълумотига кўра, ёнилғи етказиб бериш билан боғлиқ муаммо 24 сентябрь куни намойишчилар янги конституция қабул қилингани муносабати билан мамлакатни Ҳиндистон билан боғловчи асосий йўлларни тўсиб қўйгани сабабли вужудга келган.

Непал ҳукумати автомобиль эгаларига машина давлат рақамларининг сўнгги рақамига мос равишда ҳафтанинг жуфт ёки тоқ кунларида ҳаракатланишга рухсат берди.

Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати Непалга парвозларни амалга ошираётган халқаро авиакомпанияларга ўз шахсий ёнилғи захираларини жамлаб олиш лозимлиги, 28 сентябрдан ҳукумат уларни ёнилғи билан барқарор таъминлашга кафолат бермаслиги ҳақида огоҳлантирган.