ОАВ: Блаттер яқин вақт ичида ўз хоҳиши билан ишдан кетмаса, мажбуран кетказилади

Спорт 28 Сентябрь 2015 1969

ФИФА президенти Йозеф Блаттер бир неча кун ичида ўз хоҳиши билан лавозимини тарк этмаса, мажбуран кетказилади. Бу ҳақда АФП Германиядаги манбаларга асосланиб хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни Швейцария ҳукумати ФИФА президенти Йозеф Блаттерга нисбатан жиноий иш қўзғатгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, ФИФАнинг ахлоқ бўйича қўмитаси ҳам унга нисбатан текширувлар бошлаган.

"Агар Блаттер яқин вақт ичида ўз хоҳиши билан ишдан кетмаса, мажбуран кетказилади", дейилади хабарда.

ФИФА раҳбари УЕФА президенти Мишель Платинига ноқонуний тарзда 2 млн швейцар франки ўтказиб берганликда гумон қилинмоқда.

Шунингдек, ФИФА президенти Йозеф Блаттер унинг фаолияти билан боғлиқ тергов тугагунгача Швейцария ҳудудида қолишга мажбурлиги хабар қилинган.

Маълумот учун, Блаттер 1998 йилдан буён ФИФАга раҳбарлик қилиб келади. У 2015 йилнинг 29 май кунида бешинчи марта президентликка сайланган, лекин кўп ўтмасдан ташкилотдаги можаролар туфайли ўз лавозимини муддатидан аввал тарк этишини эълон қилганди.

Кўпроқ янгиликлар