Лондондаги фан музейининг собиқ куратори Майкл Райт Архимед қобиғининг моделини яратди. У қадимги юнонларнинг коинот тузилиши борасидаги тасаввурларини гавдалантиради. Механик қобиқ биринчи марта жамоатчиликка 27 сентябрь куни Базелдаги кўргазмада тақдим этилади. Бу ҳақда Nature журналида ёзилди.

Райт томонидан яратилган металл қурилма Қуёш, Ой ва беш сайёранинг тунги осмондаги ҳаракатини кўрсатиб беради. 20 см диаметрга эга қобиқ мисдан ясалган. Кардифф университети астрофизиги Майкл Эдмундснинг сўзларига қараганда, қадимги олимлар ҳам шунга ўхшаган модель яратган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, бугунги тадқиқотчиларнинг аксарияти Архимед ўз моделида коинот қурилишини айлана шаклда эмас, текисликда тушунтирган, деган фикрда. Аммо бунга қўшилмаган Райт ўз моделига шар шаклини берди.