Қозоғистоннинг жанубий пойтахтида машиналар қимматлашди. Автосалонлардаги нархлар бир йўла 20 фоизга ошиб кетди. Йил охиригача, дилерларнинг башоратларига кўра, нарх ошиши 50 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Бунга биринчи галда доллар курсининг кескин ошиб кетгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Айтилишига, ҳам янги, ҳам илгарироқ олиб кирилган машиналарнинг нархлари бирдай 15-20 фоизга ошган. Дилерлик ташкилотларининг маълум қилишича, аксарият воситачилар эски машиналарнинг ҳам пулларини тўлаб улгурмаган эди, шу боис уларнинг ҳам нархини кўтаришга тўғри келган.

Айтилишича, бир неча ҳафта илгари Кореядан келтирилган машина нархи ўртача 2.8 млн танга бўлса, ҳозирликда бу нарх 4 млн тангагача кўтарилган.
Айрим салонларда савдо ҳажми 30 фоизгача тушиб кетган.
Бошқа мутахассисларнинг таъкидлашича эса, аксинча, одамлар тезроқ машина сотиб олишга интилмоқда, негаки тез орада машина нархлари янада кўтарилиши кутилмоқда.