27 сентябрь куни кечқурун Тошкент шаҳрида Муборак Ҳаж сафаридан қайтаётган 255 нафар зиёратчилардан иборат дастлабки гуруҳ кутиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берган.

Жорий йилнинг 27 сентябрь 8 октябрь кунлари ўзбекистонлик ҳожиларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётларида Жидда-Тошкент, Жидда-Бухоро, Жидда-Фарғона, Жидда-Андижон, Жидда-Самарқанд, Жидда-Термиз, Жидда-Қарши ҳамда Жидда-Урганч йўналишлари бўйича Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Кутиб олиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Бугун, 28 сентябрь куни 2 рейс орқали Жидда–Тошкент ва Жидда–Наманган йўналишлари бўйича учиб келадиган ўзбекистонлик зиёратчиларнинг навбатдаги гуруҳларини кутиб олиш режалаштирилган.

Ўзбекистонлик ҳожиларватанга кўтаринки кайфиятда қайтар эканлар, ўз хурсандчиликлари билан ўртоқлашишди.

Жумладан, тошкентлик 75 ёшли зиёратчи Ишмухамедова Муяссар шундай дейди: "Биз яратганга шукр айтишимиз керак. Обод ва озод юрт – Ўзбекистондан Мадина, Макка шаҳарларига бориб, соғ-саломат ҳаж амалларини бажариб қайтдик".

"Тошкентдан жўнаб кетганимиздан бери, мана ҳозирда ҳам ҳурмат, эъзоз, турли қулайликлар гувоҳи бўлиб турибмиз. Ишчи гуруҳи, шифокорлар томонидан бизга кўрсатилган хизматлар, ошпазлар тайёрлаб берган мазали таомлар, меҳмонхона шароитлари ва бошқа барча хизматлар учун юртбошимиз бошчилигида барча мутасаддиларга миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз юртимиз тинчлиги, обод ва фаровонлигини тилаб, барча қадамжо, масжидлар ва Арафотда туриб дуолар қилдик. Бу йилги Ҳаж баъзи давлат ҳожилари учун машаққатли кечди, баъзилари талофат кўрдилар. Ўзбекистонлик ҳожилар ишчи гуруҳи, элликбошиларнинг кўрсатмаларига риоя қилганимиз учун ҳам тинч ва омонликда амалларни бажаришга муваффақ бўлдик.

Бундай уюшқоқлик билан ташкил қилинган иш, диққат ва эътибор кўрсатаётган Президентимиздан то барча мутасаддиларга ўз миннатдорчиликларини билдирамиз", дейди у.

Шунингдек, тошкентлик зиёратчи Хабибов Халил ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

"Бундай тартиб билан ташкил этилган зиёрат учун барча масъулларга раҳмат деймиз. Барча амалларимиз тартиб ва осонлик билан бажарилди. Ишчи гуруҳнинг жойлардаги ҳаракатлари, гуруҳбошиларнинг ибодатларимизга берган аҳамиятлари, шифокорларнинг кўмаклари, ошпазлар тайёрлаган таомлар, ҳаммаси ўз жой ва пайтида бўлди.

Биз мурожаат қилганимизда, улар ўша заҳоти лаббай дея жавоб беришарди. Бундай тартиб, бундай интизом, хизмат кўрсатган барча ходимлар биз зиёратчиларга бирдек эътибор беришлари, Тошкентдан кетиб то қайтиб келгунимизгача бўлган барча шароит ҳамда ўрнатилган тартиб, диққат ва эътибор учун аввало, юртбошимиз, қолаверса ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Юртимиз тинч ва обод бўлсин дея қўлларимиз доим дуода", дейди ҳожи.