БМТ Бош котиби Пан Ги Мун қочқинлар муаммоси бўйича 30 сентябрь куни юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бу вазиятда инсон ҳуқуқлари ва ғамхўрлик биринчи даражадаги ҳолат бўлиши керак.

"Барча давлатлар ўз бурчларини бажаришга қатъий риоя қилишлари лозим. Қочқинларни қабул қилишаётгани учун Европа давлатларига миннатдорчилик билдираман. Шу ўринда улардан бу масалага янада жиддийроқ қарашларини илтимос қиламан.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчиманки, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европанинг ўзи ҳам худди ана шундай вазиятда ёрдамга муҳтож бўлган эди”, деб таъкидлаган БМТ Бош котиби.

Бундан ташқари Пан Ги Мун шуни алоҳида таъкидладики, Ливан, Иордания ва Туркия ўз ҳудудларида миллионлаб ироқлик ва суриялик қочқинларни қабул қилмоқда.