Украина президенти Пётр Порошенко БМТ Хавфсизлик кенгаши бесамар ишлаяпти, деб айтди. Бу ҳақда “112 Украина” телеканали маълум қилди.

Порошенко бу ҳақда Нью-Йоркда Клинтон жамғармаси анжуманидаги нутқида айтиб ўтди.

“Қримнинг босиб олинишидан кейин Украина шарқида урушдан кейинги хавфсизлик тизими ишламаётгани аён эди. БМТ Хавфсизлик кенгаши бесамар ишлаяпти”, деб айтди Порошенко ўз нутқида.

Порошенко “Украина Европа миллати бўлиш учун Владимир Путиндан рухсат сўраш кераклиги ҳақидаги фикр унга нафратомуз эканини” қўшимча қилиб ўтди.

Порошенко Украина дунёдан икки нарсани – Киев билан Трансатлантик бирлик ва якдиллик яратишни кутаётганини таъкидлаб ўтди.