Россия президенти Владимир Путин Украинада бўлиб ўтган тўполонлар ҳамда ушбу мамлакат собиқ президенти Виктор Януковични ҳокимиятдан кетказишда АҚШнинг қўли борлигини “аниқ билади”. Бу ҳақда у америкалик журналист Чарли Роузга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Чарли Роузнинг у билан CBS ва PBS телеканаллари учун ўтказган интервьюсининг стенограммаси Кремль матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Путиннинг таъкидлашича, бу ҳақда Россия билан “минглаб алоқалари ва муносабати” мавжуд бўлган украиналиклар хабар берган.

“Биз Януковични ағдарган одамлар билан ким ишлаган, қачон ва қаерда учрашган, уларни қандай қўллаб-қувватлаган, қанча тўлаган, қандай ва қайси ҳудудларда ва мамлакатларда тайёрлаган, бу инструкторлар ким бўлган, ҳаммасини биламиз. Биз ҳаммасини биламиз. Очиғини айтганда, америкалик ҳамкорларимиз буни яширмайди ҳам”, - деди у.