Россия учун Собиқ Иттифоқ ҳудудидан чиқиб, Сурия ҳудудида уруш олиб бораётган жангарилар билан курашиш уларнинг ортга қайтишини кутишдан яхшироқ. Россия президенти Владимир Путин Американинг CBS ва PBS телеканаллари учун журналист Чарли Роузга берган интервьюсида шундай деди.

“Собиқ Иттифоқ давлатларидан чиққан 2 мингдан зиёд жангарилар ҳозир Сурия ҳудудида. Уларнинг ортга қайтиши хавфи бор, - деди Россия президенти. – Уларнинг биз томонга қайтишини кутгандан кўра, Асадга ёрдам бериб, Сурия ҳудудида жангариларга қарши курашган афзал”.

Путин ушбу ҳолат Россиянинг Асадга ёрдам бераётганидаги асосий омил эканини айтиб ўтди.

Айни пайтда, Путин Россиянинг Сурия ёки бошқа мамлакатлар ҳудудида уруш ҳаракатларини олиб бормаслигини айтиб ўтди. Россиялик дипломатлар ҳам Сурия президенти Башар Асад билан, ҳам бошқа давлатлардаги ҳамкорлар билан қандай қилиб ишларни жадаллаштириш устида доимий равишда иш олиб бормоқда.

Путин Сурия Араб Республикасининг президентини лавозимдан олиб ташлашни чанқоқлик билан хоҳлаётган барча кучларга мазкур истакни Сурия халқига қўйиб беришни тавсия қилди, чунки фақат Сурия халқигина мамлакат ичкарисида туриб, давлатни ким ва қандай тамойиллар асосида бошқаришни ҳал қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаб ўтди.