Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия муҳтож давлатларга ёрдам берганда уларга ҳеч қандай сиёсий моделларни суқиштирмаслигини айтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.

Лавров “Россиянинг глобал даражада халқаро ривожланишга кўмак бериш соҳасидаги муҳим вазифаси камбағалликни йўқ қилишдан иборатлигини” таъкидлаб ўтди.

“Бу саъй-ҳаракатларда самарали таянчлардан бири қарз юкини енгиллаштириш ҳисобланади. Россия катта қарздорликка эга ночор давлатлар бўйича ташаббус доирасида фақатгина Африка давлатларининг ўзиданоқ 20 млрд доллардан кўпроқ асосий қарзини кечиб юборди”, деб айтди Лавров.

Лавров Россия томонидан халқаро ривожланишга кўмаклашиш ҳажми ошаётганини таъкидлаб ўтди. “Ўтган йили бу кўмак 20 фоиздан кўпроққа ошди. БМТ тизими бўйича 127 млн доллар тақдим қилинди, Россиянинг хорижий давлатларга иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланишни ташкил этиш услуби бўйича кўрсатган ёрдами 875 млн долларни ташкил қилди”, деб айтди Лавров.

Лавровнинг айтишича, Москва “халқаро ривожланишга кўмаклашиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда ўзининг иштирокини давом эттиради”.