Тиниб-тинчимас россиялий хонанда Григорий Лепс нафақат сермаҳсул ижод қилмоқда, балки “Высшая проба” (“Олий нав”) истеъдодларни излаш танловига бошчилик қилади, “Голос” шоуси ҳакамлар ҳайъати аъзоси ҳисобланади ва “Сочида ҳар йили бўлиб ўтадиган “Роза хутор” фестивалига бошчилик қилади.

Энди Лепс ўзининг продюсерлик марказини очишга қарор қилди. 27 сентябрда 53 ёшли машҳур қўшиқчининг улкан лойиҳаси эшиклари Москва вилоятидаги Коровино посёлкаси ҳудудида очилди.

Тай услубида безалган ва энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган, 2 минг квадрат метр майдонни эгалловчи марказ унга ташриф буюрган илк меҳмонларни ҳайратда қолдирди.

Продюсерлик марказига журналистлар ва қўшиқчининг энг яқин дўстлари – Сергей Лазарев, “Русская медиагруппа”нинг собиқ директори Сергей Кожевников, рэп ижрочи Баста, продюсер Максим Фадеев, Эмин Агаларов ва Лепснинг васийлигидаги хонанда Алина Грос ташриф буюрдилар. Мезбон улар учун нафақат марказ бўйлаб экскурсия уюштирди, балки барабанда мусиқа ижро этиб, уларга мусиқа санъатидан бир неча сабоқ бериб қўйди.

Бундай ҳашаматли продюсерлик марказининг очилиши рус шоу-бизнеси тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлди, чунки Лепснинг бундай ҳашаматли маркази каби марказ унинг ҳамкасбларининг бирортасида ҳам мавжуд эмас.