Бразилиянинг «Сан-Паулу» жамоаси футболчилар «Палмейрас» жамоасига қарши тур учрашуви олдидан майдонга кучукларни етаклаб тушишди ва шу орқали жониворларни ҳимоя қилиш тадбирини намойиш этишди. Бу ҳақда Globo нашри хабар берган.

Маълум қилинишича, жамоа кучуклар учун емак ишлаб чиқарувчи компания билан ҳомийлик шартномаси тузган. Бу шартнома таркибида футболчиларнинг ҳимоясиз жониворларга жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида акция ўтказиши ҳам кўрсатилганди.

Ушбу маросим давомида мухлисларнинг енгил кулгуларига сабаб бўлган воқеа юз берган. Футболчилар Бразилия мадҳияси остида кучукларни етаклаган ҳолда майдонга тушиб келишаётганида, жониворлардан бири камералар қаршисида ҳожатини чиқаришга тушган.

Маълумот учун, ушбу акция 27 сентябрь куни бўлиб ўтган ўйин олдидан ўтказилган. Бу ўйинда «Сан-Паулу» ва «Палмейрас» жамоалари 1:1 ҳисобида дурангга имзо чекишган.

Айни вақтда «Сан-Паулу» жамоаси 43 очко билан турнир жадвалида олтинчи ўринни эгаллаб турибди. «Палмейрас» эса 28 турдан кейин 45 очко тўплаган ҳолда 4-ўринда жойлашган.