Украина АҚШ билан чегараларни назорат қилиш тизимининг етказилиб берилиши бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, МХМК котиби ўринбосари Олег Гладковский Украинага биринчи марта чегарани назорат қилиш ва кузатиш учун эрта огоҳлантириш тизимининг етказилишига бағишланган матбуот-анжуманида иштирок этди. Бу тизимлар АҚШнинг Aeroscraft корпорациясида ишлаб чиқарилган.

Гладковский корпорация билан ҳамкорлик қилишнинг бошланишини “Украина-АҚШнинг Украина чегарасини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги йўлидаги муҳим қадамдир” деб айтди.

“Биз жорий йил ва 2016 йилнинг биринчи ярмида чегарани назорат қилиш тизимидан иккитасининг етказилиб берилишини кутмоқдамиз”, деб айтди Гладковский.

Гладковскийнинг изоҳлашича, бу тизимлар “чегара ортини кунбўйи кузатишни олиб боришга имкон беради, бу эса ўз навбатида тегишли таъсир қилиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришни тезлаштиради”.
Аввалроқ Украина президенти Пётр Порошенко ноябрдан АҚШнинг энг яхши инструкторлари Украина қўшинлари билан машғулотлар ўтказишни бошлашларини маълум қилганди.