2014-2015 ўқув йилида жами 47 туман ва қишлоқ аҳоли пунктларида чет тиллар ўқитувчилари ихтисослиги бўйича етишмайдиган кадрларни тайёрлаш учун 200 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига мақсадли қабул қилинди. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган “Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, ҳозирги кунда халқ таълими тизимида 390 мингга яқин педагог меҳнат қилмоқда.

Тизимда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши мактаб психологи”, “Йилнинг энг яхши мактаб директори”, “Йилнинг энг яхши услубчиси” ва бошқа кўрик-танловларнинг мунтазам ўтказилаётгани таълим жонкуярларининг ўзаро тажриба ва фикр алмашишига имкон яратмоқда. Шу билан бирга, самарали ўқув-тарбия услубларини, илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар иш тажрибасини кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда.