Афғонистон “Толибон” жангарилари мамлакат шимолидаги Қундуз шаҳрини босиб олишгани ва бу АҚШ ҳарбий ёрдами кўрсатилаётган 2001 йилдан бери улар томонидан босиб олинган илк йирик шаҳар эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.

Афғонистон ички ишлар вазирлигининг расмий вакили “Қундуз шаҳри толиблар қўлига ўтди”, деб маълум қилди.

Жангарилар 28 сентябрь куни эрталаб шаҳарга катта куч билан ҳужум қилиб, дастлаб суд биноси, шифохона ва бошқа ҳукумат биноларини босиб олган.

“Чегарасиз шифокорлар” халқаро тиббий-инсонпарварлик ташкилотида маълум қилинишича, босиб олинган шифохонада 100дан ортиқ жабрланганларга ёрдам кўрсатилган.

Қундузнинг бой берилиши Афғонистон ҳукумат қўшинлари учун жиддий зарба бўлди, улар ўтган йил охиридан фақатгина машғулот ўтказиш ва қўллаб-қувватлашга ўтган АҚШ ва НАТОнинг чекланган ёрдами билан толибларга қарши қийинчилик билан курашмоқдалар.

Аввалроқ толиблар Қундуздаги қамоқхонадан юзлаб маҳбусларни озод этганлари маълум қилинганди.