Афғонистон армияси АҚШ авиацияси ёрдамида Қундуз шаҳрида "Толибон" жангариларига қарши курашни давом эттирмоқда.

"Жангариларни шаҳардан суриб чиқариш ишлари муваффақиятли тарзда олиб борилмоқда", деб хабар берилади Покистондаги Geo TV телеканали.

Бундан олдинроқ афғон ҳарбийлари Қундуздаги қамоқхона ва полиция бошқармасидан жангариларни суриб чиқаргани ҳақида хабар берилганди.

28 сентябрь куни Афғонистон шимолида кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатларни амалга оширган ва "Ҳаққоний тармоғи" билан ҳамкорликда ҳаракатланган "Толибон" жангарилари Қундуз шаҳрида ўз байроғини ўрнатишганди.

Афғонистон ҳукумати Қундузнинг забт этилишида жангариларга хорижий давлат махсус хизматлари ёрдам берганини иддао қилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Афғонистон биринчи навбатда Покистонни айбламоқда. Расмий Кобул бундан олдин ҳам Исломободни "Толибон"ни қўллаб-қувватлашда айблаганди.