Афғонистон армияси 28 сентябрь куни Қундуз шаҳрини эгаллаб олган "Толибон" жангариларга қарши ҳарбий ҳаракатларга киришди.

"Ҳарбий кўмак етиб келди ва биз шаҳарни озод қилишга киришдик", деб маълум қилди Афғонистон Мудофаа вазирлигидаги манба.

29 сентябрь куни эрталаб берилган хабарларга кўра, қўшинлар жангариларни шаҳар турмаси ва Қундуз қилояти полиция бошқармаси биносидан суриб чиқарган.

28 сентябрь куни юзлаб жангарилар шаҳарга бостириб кирган ва кечга бориб, улар шаҳар майдонига ўз байроқларини ўрнатишган.

Маълумот учун, Қундуз шаҳри муҳим стратегик йўллар кесишмасида жойлашган бўлиб, вилоят Тожикистон билан чегараларга эга ҳисобланади. Бу шаҳарда 100 минг атрофидаги аҳоли яшайди.

"Толибон" томонидан амалга оширилган ҳужу кейинги 14 йил ичидаги энг кенг кўламлиси бўлди.

Ушбу ҳужум вақтида 4 нафар аскар ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳатланган. Тўқнашувлар пайтида ўлдирилган жангарилар миқдори аниқ эмас.

Аввалроқ толиблар Қундуздаги қамоқхонадан юзлаб маҳбусларни озод этганлари маълум қилинганди.