«Akademnashr» нашриёти 2015 йил 21 — 23 сентябрь кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилган “Китоб — ҳамкорлик ва тараққиёт йўли” X халқаро кўргазма-ярмарка ва илмий конференция доирасида ташкил этилган танловда “Энг яхши бадиий нашр” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритиб қайтди.
Россия, АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия, Туркия, Италия, Корея, Эрон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон каби мамлакатларнинг 140 дан ортиқ нашриёт уйлари, Кембриж, Оксфорд, Иллинойс университетлари, Иван Фёдоров номидаги Москва давлат матбаачилик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Россия Фанлар академияси каби соҳадаги йирик таълим муассалари, йирик ахборот ва маданият марказлари ваккиллари, шунингдек, дунёнинг таниқли адабиётшунослари, таржима усталари, олимлари, безакчи-рассомлари, журналистлари иштирок этган ушбу йирик тадбирга Ўзбекистон делегацияси ҳам ташриф буюришган эди. Тадбир доирасида ўтказилган танловда юртимиз вакилларидан бири — «Akademnashr» нашриёти еттита йўналишдан бирида ғолиб деб топилди.


— Нашриётимиз томонидан танловга тақдим этилган китобларимизга ҳакамлар томонидан юқори баҳо берилди, — деди «Akademnashr» нашриёти бадиий муҳаррири Баҳриддин Бозоров. — Айниқса Махтумқулининг «Асарлар» китоби ноширчиликнинг энг яхши анъаналари асосида безатилган китоб сифатида танловнинг “Энг яхши бадиий нашр” йўналиши бўйича 1-ўринга лойиқ топилгани бизни жуда севинтирди.
«Akademnashr» нашриёти вакилининг маълум қилишича, халқаро кўргазмада намойиш қилинган Юсуф Хос Хожибнинг «Қутадғу билиг» асари, Махтумқулининг «Асарлар»и, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» драмаси, Рауф Парфининг «Сайланма»си, Назар Эшонқулнинг «Мендан менгача» асари, шунингдек, олмон тилида чоп этилган Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари», Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари ва «Буюк Ипак йўли ривоятлари» китоблари, «Ёд оламиз, шодланамиз» рукнида болалар учун чоп этилган рангли шеър китоблар тўғрисида ҳам тадбирга ташриф буюрган китобсеварлар ва мутахассислар томонидан илиқ фикрлар билдирилган.