АҚШ “ИШИД” террорчилик гуруҳи етакчилари ва тарафдорларига қарши санкциялар киритди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

АҚШ молия вазирлиги “ИШИД”нинг 15 нафар тарафдори ва координаторларига қарши санкциялар киритилаётганини маълум қилди.

«АҚШ молия вазирлиги “ИШИД”нинг молиявий имкониятларини камайтиришга интилмоқда ва шафқатсиз террорчилик гуруҳининг халқаро молиявий тизимга киришига тўсқинлик қилмоқда”, деб айтди Молия вазирлигининг террорчилик ва молиявий разведка департаменти бошлиғи ўринбосари.

АҚШ, шунингдек, “ИШИД”нинг Шимолий Кавказдаги бўлими жангариларига ҳам қарши санкциялар киритди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жангарилар Россия фуқароларига ҳужум қилишга ҳам алоқадорлар.

Санкциялар эълон қилинган террорчилар қаторига 2014 йил декабрда “ИШИД”нинг Шимолий Кавказдаги амири этиб тайинланган, “Кавказ амирлиги” деб номланувчи гуруҳ етакчиси Рустам Аселдеров, Шимолий Кавказ жангарилари билан 2003 йилдан бери алоқадор бўлган Тархан Газиев ва “ИШИД”нинг Суриянинг Ракка шаҳридаги русийзабон жангарилари етакчиси Шомил Измайлов киритилди.