"Барселона" жамоаси бош мураббийи Луис Энрике жамоанинг асосий ҳужумчиси Лионель Мессининг жароҳатлангани туфайли 4-4-2 схемаси жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида айтди.

Бундан олдин, мураббий Мессининг 8 ҳафта муддатга сафдан чиққанига қарамасдан жамоа 4-3-3 схемасида ўйнашда давом этиши ҳақида айтиб ўтганди. У ушбу услубда Мессининг ўрнига Мунир ҳаракатланишини билдирганди.

El Mundo Deportivo нашри хабарига кўра, айни пайтда жамоада Мессидан ташқари 2 нафар кучли ҳужумчи бор: Суарес ва Неймар. Кейинги 2 ой давомида айнан шу футболчиларга таянилган ҳолда жамоа ўйини шакллантирилади.

Нашрда айтилишича, Энрике майдон марказида Хавьер Маскерано ҳамда Сержи Бускетсни биргаликда ўйнатиш, Ракитич ва Иньестанинг қанотларга яқинроқ қўйиш вариантларини кўриб чиқмоқда.

Бироз олдинроқ, Мессининг "Реал"га қарши 21 ноябрь куни ўтказиладиган "эл-класико" баҳсигача тўлиқ соғайиши ҳақида маълум қилинганди.