Германияда йўқолганидан кейин 31 йил ўтиб тирик эканлиги маълум бўлган аёл топилди, деб хабар бермоқда The Sun нашри.

Петра Пажцитка исмли бу аёл 1984 йилда йўқолиб қолган. У ўшанда 24 ёшида акасининг туғилган кунида пайдо бўлмаган ва изсиз йўқолган.

Аёлнинг йўқолиши немис нашрларининг биринчи саҳифаларидан ўрин олган ва бутун мамлакат бўйича уни қидириш бошланган.

Пажциткани қидириш ишлари самарасиз якунлангандан кейин полиция аёлнинг қотиллигини амалга оширганини тан олган гумонланувчини топган, бироқ у бироз вақтдан кейин ўз кўрсатмасидан воз кечган.

Аёлнинг жасади топилмаган ва 1989 йилда у расман вафот этган деб тан олинган.

Бироқ 31 йил ўтиб Пажцитка Дюссельдорфда Шнейдер хоним исми билан, бироқ ҳеч қандай расмий ҳужжатсиз топилди. Аёлнинг шахси у ўзининг уйидаги ўғрилик бўйича полицияни чақиртиргандан кейин фош бўлди. Аёл ўзини сохта номи билан таништирган, бироқ кейинроқ ундан ҳужжатларини тақдим қилиш сўралганда ўзининг асл исмини айтган.

Пажцитка 30 йил давомида бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб юраверган ва бирор марта ўзининг ҳаётлигидан яқинларини хабардор этмаган.

Полиция вакили “аёлнинг акаси ва онаси унинг ҳаётлигини эшитишгандан кейин карахт ҳолга тушиб, кўзларига ёш олганларини” айтди.

Полиция вакилининг таъкидлашича, Пажцитка “ўзининг йўқолиб қолиши сабабларини тушунтириб бермаган ва келгусида ҳам ўз оиласи ва жамият билан муносабат ўрнатишни истамаётганини очиқчасига айтган”.

Прокурорлар аёл бу қилмиши билан жиноят содир этган деб ҳисобламаяптилар, бироқ аёл ўлган деб ҳисоблангани учун немис расмий идораларини ўзининг тириклигидан расман хабардор этиши керак.