Республикачи-сенатор Жон Маккейн АҚШ президенти Барака Обамани БМТ Бош ассамблеяси 70-сессияси давомида Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш борасидаги режаси учун танқид қилди. Маккейннинг бу ҳақдаги айтган сўзлари 28 сентябрда унинг расмий сайтида чоп этилди.

“Бундай учрашувнинг ўтказилиши ҳақидаги қарор нотўғридир. У Россияга қўл келади, АҚШ сиёсатига панд беради ва Путиннинг барқарорсизлантирувчи хатти-ҳаракатини қонунийлаштиради”, деб айтди Маккейн.

Маккейнинг фикрича, АҚШ армияси мустақил равишда “ИШИД” билан кураша оларди.
“Бу икки давлат етакчисининг учрашувини талаб қилмайди”, деб айтди сиёсатчи ва Россия Сурия, Эрон ва Ироқ билан “ИШИД”га қарши курашиш учун биргаликдаги ахборот марказини ташкил этганини эслатиб ўтди.

Маккейннинг фикрича, Путин “Россиянинг Яқин Шарқдаги ҳукмронлигини охирги 40 йил ичида кузатилмаган даражада кенгайтиришни истамоқда”. Сенатор Обамага Россиянинг Сурия ва Украинадаги ҳаракатларини маъқулламасликни тавсия қилди. Бундан ташқари, Маккейн Обама Россия Башар Асад тузумини қўллаб-қувватлашда давом этаверса, АҚШ ҳеч қандай шароитда Россияга қўшилмаслигини Путинга тушунтириб қўйиши кераклигини қўшимча қилди. “Бу Путинга шахсан ва учрашувдан кейин оммавий равишда айтилиши керак”, деб таъкидлаб ўтди Маккейн.

Путин ва Обама сўнгги бор 2014 йилнинг ноябрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитининг биринчи йиғилишидан кейин мажлислар залида биргаликда суратга тушиш маросимида қисқача суҳбатлашиб ўтгандилар.