Ҳурматли ўқувчилар, эътиборингизга 28 сентябрь куни рўй берган энг асосий хабарларни такроран ҳавола этамиз.

Абдулазиз Комилов Нью-Йоркда АҚШ Давлат департаменти вакиллари билан учрашди>>

27 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Антони Жон Блинкен ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

МАГАТЭ: Ўзбекистон юқори бойитилган урандан бутунлай халос бўлди>>

Ўзбекистон юқори бойитилган уранни ўз ҳудудидан чиқариб юборди. Бу ҳақда 28 сентябрь куни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) хабар беради.

Каталонияда маҳаллий сайловларда Каталония мустақиллиги тарафдорлари ғалаба қилди>>

Каталонияда маҳаллий парламентга сайловларда Каталониянинг Испаниядан мустақил бўлиши тарафдорлари ғалаба қозонишди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги дастлабки ҳисоб-китобларга таянган ҳолда маълум қилди.

Қирғизистонда 5 ёшли бола қўшни ўсмир томонидан ваҳшийларча ўлдирилди>>

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Араван туманида истиқомат қилувчи 15 ёшли бола яшайдиган уй томорқасидан 5 ёшли боланинг жасади аниқланган. Унинг ўлимидан гумондор сифатида 9-синф ўқувчиси қўлга олинган.

Эксимбанк Ўзбекистонда 1 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқчи>>

Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамда ушбу мамлакатнинг Экспорт-импорт банки Ўзбекистон билан инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр. Бу ҳақда банк раиси Ли Дук Хун Тошкентда бўлиб ўтган “Эксимбанкнинг Корея иқтисодий тараққиётидаги ўрни ва унинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси” мавзуидаги семинарда айтиб ўтди.

Ўзбекистонлик ҳожиларнинг илк гуруҳлари Маккадан қайтиб кела бошлади>>

27 сентябрь куни кечқурун Тошкент шаҳрида Муборак Ҳаж сафаридан қайтаётган 255 нафар зиёратчилардан иборат дастлабки гуруҳ кутиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берган.

Маккадаги тиқилинчликда ҳалок бўлганларнинг жасадлари 6та қабристонда дафн этилди>>

Макка Ҳаж ишлари бўйича котибияти 6та қабристонда 74 700 қабр тайёрламоқда. Уларнинг айримларида Мино водийсидаги тиқилинчликда ҳалок бўлганлар дафн қилинади. Бу ҳақда котибият матбуот директори Усома Зайтун ахборот берди.

Ҳиндистон тарихида биринчи марта ўз обсерваториясини фазога учирди>>

Ҳиндистон мультидиапазонли Astrosat космик обсерваториясини муваффақиятли равишда фазога учирди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар бермоқда.

Путин: собиқ Иттифоқ давлатларида баҳслар инқилоб билан ҳал қилинмайди>>

Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги давлатлардаги ички сиёсий масалаларни инқилоб йўли билан ҳал қилиш нотўғри йўлдир. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин америкалик журналист Чарли Роузга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Россия авиакомпаниялари Украинага парвозларни амалга ошира олмаслигидан огоҳлантирилди>>

Украина ҳукумати Россиянинг бир қатор авиакомпанияларига ўз ҳудудига рейсларни амалга оширишни тақиқлаб қўйди. Душанба куни расмий Киев бу ҳақда тегишли компанияларга хабарнома йўллади.

Толибон Қундуз шаҳар майдонига ўз байроғини ўрнатди>>

Толибон ҳаракати жангарилари Афғонистон шимолидаги туманларга ҳужум қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда ToloNews телеканали хабар берди.