Литва ҳукумати Германиядан 21 та PzH 2000 русумидаги ўзиюрар гаубица сотиб олишга қарор қилди, деб ёзмоқда Delfi нашри.

Тузилган шартномага кўра Литва, шунингдек, 26 та M577 V2 русумидаги зирҳланган автомобиль ва 6 та BPZ русумидаги танк сотиб олади. Ҳарбий техника сотиб олиш бўйича Берлин ва Вильнюс ўртасида тузилган шартноманинг қиймати 16,2 млн еврони ташкил қилмоқда.

Қайд этилишича, сотиб олинаётган барча техника аввал немис ҳарбийлари томонидан ишлатилган.

Техниканинг етказиб берилиши бўйича дастлабки келишувга 2015 йилнинг апрелида Германия мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйеннинг Вильнюсга ташрифи пайтида эришилган.

Хабарда айтилишича, Литва 2016 йилга ўзининг мудофаа бюджетини 35 фоизга, яъни 574 млн еврогача оширди.