Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев БМТга ядровий қуролдан ҳоли дунёга эришиш тўғрисида умумдунё декларациясини қабул қилишни таклиф қилди. Бу ташаббус БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясида сўзланган нутқда айтиб ўтилди.
“Хиросима ва Нагасакидаги атом бомбардировканинг 70 йиллигида турган эканмиз, ядровий қуролдан ҳоли дунё яратишни инсониятнинг XXI асрдаги асосий мақсадига айлантиришни таклиф қиламан. Ядровий қуролдан ҳоли дунёга эришиш тўғрисида БМТ умумдунё декларациясини қабул қилиш таклифини бераман”, - деди Қозоғистон етакчиси.
Назарбоев Қозоғистон ядровий полигонни ёпган ва йириклиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи ядровий арсеналдан воз кечган, шунингдек, Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона яратган биринчи давлат эканлигини эслатиб ўтди.
“Бошқа ҳудудларда ҳам, жумладан, Яқин Шарқда ҳам ядросиз зоналар яратиш зарур”, - қўшимча қилди Қозоғистон раҳбари.