Wepod ҳайдовчисиз автобуслари олти нафаргача йўловчини ташиб, мобиль илова орқали бошқарилиши мумкин. Янги жамоат транспорти ҳақида The Telegraph хабар тарқатди.

Ҳозирча WEpod устида синовлар ўтказилмоқда, улар муваффақиятли якунига етса, ҳайдовчисиз автобуслар 2015 йилнинг ноябрь ойидан Нидерландиянинг Вагенинген ва Эде шаҳарлари ўртасида қатнай бошлайди. Кейинги йилдан эса мамлакатдаги бошқа йўналишлар бўйлаб ҳам ҳайдовчиси йўқ автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади.

Wepod автобусларининг энг юқори тезлиги соатига бор-йўғи 25 километрни ташкил этади. Унга лазерли датчиклар, радарлар, камералар ва GPS-модуллари ўрнатилган.Биринчи босқичларда автобуслар тирбанд кўчаларда, тунда ва ноқулай об-ҳаво шароитида ҳаракатланмайди.

Ҳайдовчисиз автобусни бошқариш учун йўловчилар фақатгина мобиль илова ёрдамида кўзланган манзилни киритишлари талаб қилинади. Келгусида автобуслар янада мустақилроқ бўлиб, уларнинг ишини эса операторлар кузатиб боришади.