Путин: Обама билан суҳбат жуда очиқ тарзда кечди

Жаҳон 29 Сентябрь 2015 5475

Россия президенти Владимир Путин ўзининг америкалик ҳамкасби Барак Обама билан кечган суҳбати очиқ тарзда ўтиб, томонлар умумий муаммолар устида ҳамкорликда ишлаш мумкинлигини кўрсатганини айтиб ўтди.

“Учрашув (Обама билан) жуда фойдали тарзда кечди. Ва энг маъқули – у очиқ тарзда бўлиб ўтди”, - деди Путин журналистларга.

“Менимча, америкалик ҳамкорлар жуда кўп масалаларда, жумладан, Украинадаги вазиятни назорат қилиш, Сурия, умуман, Яқин Шарқ муаммоси борасидаги ўз позицияларини етарли даражада очиқ ифода этишди. Бизнинг жуда кўп қараш ва нуқталаримиз мос тушди”, - деди россиялик етакчи.

“Бироқ қарама-қарши келган жиҳатлар ҳам бор”, - қўшимча қилди у.

Шу ўринда, Путин икки раҳбар узоқ муддат учрашмагани тўғрисидаги саволни инкор қилди. “Бундай эмас. Биз у билан телефон орқали ҳам, турли халқаро майдонларда ҳам суҳбатлашдик. Қисқа муддатли учрашувларда икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги энг асосий масалаларни муҳокама қилдик”, - деди Россия раҳбари.

“Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳозирги вақтда энг паст даражада, бироқ бу Москванинг айби эмас, АҚШнинг танлови”, - деди Путин.

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, тафовутлар бор, бироқ у ҳам, Обама ҳам ушбу қарама-қаршиликлар устида ишлашга келишиб олишди.

Путин ва Обама ўртасидаги учрашув режалаштирилгандан икки баробар узоқроқ давом этди. Суҳбат учун 55 дақиқа белгиланган бўлса ҳам, у 1 соату 40 дақиқа давом этди.

Путин ва Обама ўртасидаги мазкур учрашувда 2013 йил июнидан буён илк маротаба икки мамлакат етакчиларининг тўлиқ форматдаги суҳбати бўлиб ўтди.

Кўпроқ янгиликлар