Россия президенти Владимир Путин тўртинчи марта президентликка ўз номзодини кўрсатиш-кўрсатмаслиги ҳақида аниқ қарорга келмади. Бу ҳақда у америкалик журналист Чарли Роузга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Чарли Роузнинг CBS ва PBS телеканаллари учун олган интервьюларининг русча стенограммаси Кремль расмий сайтида чоп этилди.

“Бу иккита вазиятга боғлиқ. Биринчиси – шубҳасиз, конституцияда кўзда тутилган қоидалар бор, мен томонимдан улар аниқ бузилмайди. Аммо мен бу конституцион қоидалардан фойдаланаманми йўқми, ҳали ишончим комил эмас. Бу мамлакатдаги, жаҳондаги конкрет вазиятга ҳамда шахсан менинг кайфиятимга боғлиқ бўлади”, - деди Путин суҳбат чоғида.

Ўзидан сўнг қандай мерос қолдиришни исташи ҳақидаги саволга Путин “Россия самарадор, рақобатбардош бўлиши, барқарор иқтисодиётга, ривожланган, ички ва ташқи ўзгаришларга мослашувчан ижтимоий ва сиёсий тизимга эга бўлиши” лозимлигини айтди.