Тожикистон Олий суди Тожикистон Бош прокуратурасининг Тожикистон ислом уйғониш партиясининг (ТИУП) террорчилик ташкилоти деб тан олиниши бўйича даъво аризасини қондирди ва мамлакатда унинг фаолиятини тақиқлаб қўйди.

“Ховар” ахборот агентлиги сайтида чоп этилган суд ҳукмига кўра, Тожикистонда партияга тегишли “Нажот” газетасининг чоп этилиши, партияга тегишли видео, аудио маҳсулотлар, адабиётлар тарқатилиши тақиқланади, партия сайти тўсиб қўйилди. Суд қарорига кўра, мамлакатга ТИУП фаолиятига тегишли бўлган ҳар қандай материалнинг олиб кирилиши тақиқланди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ТИУП раҳбарияти режалаштирган давлат тўнтариши режасига биноан, 40 нафар қуролланган киши Миллат саройига, 25 нафар – президент ижроия маҳкамаси биносига, 40 нафар – ИИВ биносига, 25 нафар – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига, 40 нафари Душанбе халқаро аэропортига ҳужум қилиши керак бўлган. Шунингдек, жангарилар Мудофаа вазирлиги биноси, телерадиоузатиш қўмитаси, давлат телеканаллари жойлашган биноларни ҳамда Душанбе ва Вахдат шаҳарларидаги ИИВ бўлимларини босиб олиши керак бўлган.