“Токио-2020” ташкилий қўмитаси ХОҚга дастурга киритиш учун бешта спорт турини таклиф этди. Бу ҳақда Ўзбекистон олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

"2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпиада ўйинларининг ташкилий қўмитаси Халқаро олимпия қўмитасига бешта спорт турини киритишни тавсия қилиб, расман мурожаат қилди. Булар бейсбол/софтбол, каратэ, серфинг, қояга чиқиш ва скейтбординг спорт турларидир", дейилади хабарда.

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг август ойида Токиода Олимпиада ўйинлари дастурига номзод сифатида кўрсатилган спорт турлари бўйича Халқаро федерациялар ўз спорт турларини кўргазмасини ташкил этган эди. Ўшанда, юқорида номлари зикр этилган спорт турларидан ташқари боулинг, сквош ва у-шу спорт турлари ҳам бор эди.

Ташкилий қўмита аъзолари Олимпиада ўйинлари дастурига киритиладиган спорт тури энг аввало ёшлар орасида оммалашган бўлиши зарурлигини таъкидлашмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бейсбол ва софтбол сўнгги бор 2008 йили Пекин Олимпиадасида дастурдан ўрин олган эди. 2012 йилги ўйинлар дастурига эса бу икки спорт тури киритилмади.

Тавсия этилган янги спорт турларини дастурга киритиш бўйича якуний қарор 2016 йилнинг август ойида Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган Халқаро олимпия қўмитасининг сессиясида қабул қилинади.