Тошкент вилоятида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйлар белгиланган тартибда жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди, юзлаб кўп қаватли уй-жой мавсумга тайёрлаб қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йиллар тажрибаси ва йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиқиб, кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш, аҳолини ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Маълумотларга кўра, таълим муассасаларининг бир юз элликка яқини марказлашган иссиқлик тизимига уланган, бир минг саксонтаси локал қозонхоналар орқали иситилади. Айни кунларда ана шу тизимларда аниқланган носозликлар бартараф этилмоқда. Шунингдек, юздан ортиқ таълим муассасасининг томи, ички иситиш тизими жорий таъмирланди. Улардаги синган ойналар алмаштирилиб, анъанавий лампочкалар тежамкор лампаларга ўзгартирилди. Бир юз элликка яқин қозон ва қозонхоналарни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.