Хитойда дангасалиги ва турғунлиги учун деярли 250га яқин мансабдор шахслар жазоланди. Бу ҳақда Reuters «Синьхуа» ахборот агентлиги берган маълумотга таяниб хабар бермоқда.

Бунга сабаб сифатида Хитойдаги бир қатор тараққиёт дастурий лойиҳаларига пул ажратилишининг кечикиши кўрсатилмоқда. Бир қанча провинция раҳбарлари ХХР раиси Си Цзиньпиннинг порахўрликка қарши кураш дастури бўйича шубҳа остига тушиб қолмаслик мақсадида бир ярим йилдан буён катта лойиҳаларни тасдиқламай келган.

Олиб борилган суриштирув натижаларига кўра, 24та провинциянинг 249 нафар вакиллари турлича жазоланишган. Кимдир ишдан ҳайдалган, кимларнингдир лавозими пасайтирилган бўлса, яна бошқалари қаттиқ огоҳлантириш олишган. Мазкур ҳолат юзасидан йиғилиб қолган 296 миллиард юан (46,5 миллиард доллар) миқдоридаги маблағлар тараққиёт ва ижтимоий дастурларни ривожлантириш дастурларига шошилинч равишда инвестиция қилинган.

Хитойда порахўрликка қарши курашиш ҳозирги ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб турибди. ХХР раиси Си Цзиньпиннинг шахсан ўзи 2013 йил мартида берган баёнотида бу борада кескин кураш олиб борилишини таъкидлаб ўтганди.