Ўзбекистонлик футболчи, Озарбайжоннинг “Раван” жамоаси таркибига қўшилган Алибобо Раҳматуллаев бу ҳақда “Даракчи” мухбирига гапириб берди.

“Бу клуб мутахассисларидан бири мен билан алоқага чиқиб, “Раван” бош мураббийи ўйинларимни кузатиб келаётгани ҳамда жамоага таклиф қилишни мақсад қилганини айтиб қолди, - деди футболчи. – Шундан сўнг жамоа билан шартнома туздим. Келишувимиз шу тариқа амалга оширилди. Очиғи, бундай таклифни кутмагандим. Негаки мен “Навбаҳор” билан шартнома тузиб бўлгандим. Шу боисдан хориждан таклиф тушиши мен учун янгилик бўлди. Бу хабар, бир томондан мени қувонтириб, ўзимга бўлган ишончни янада ошишига туртки бўлди десам, янглишмаган бўламан”.

Ўзининг янги жамоа таркибидаги истиқболларига тўхталар экан, спортчи кўпроқ ўйин ўтказишни режалаштираётганини айтди: “Жамоада кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш тарафдориман. Шунингдек, қўйилган вазифаларни бажаришда бор кучимни бериб, барчанинг ишончини оқламоқчиман. Шу орқали миллий терма жамоадан таклиф олишни режалаштирганман. Ахир ҳар бир футболчи бош жамоада ўйнаб, халқаро мусобақаларда ватани шарафини ҳимоя қилишни орзу қилади”.