Халқаро иқтисодий форум (WEF) ташкилоти томонидан тузилган янги рақобатбардошлик индекси эълон қилинди. Унинг натижалари ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Рейтингда биринчи ўринни Швейцария эгаллади. Ушбу мамлакат иқтисодиёти 5.8 баллга эга бўлди. Ундан кейинги ўринларга Сингапур ва АҚШ сазовор бўлди. Кучли ўнликка, шунингдек, Германия, Нидерландия, Япония, Гонгконг, Финляндия, Швеция ва Бирлашган Қироллик кирди.

Индексга кирган 140 давлат ичида охирги ўринни Гвинея эгаллади. Африканинг Малави, Бурунди, Сьерра-Леоне, Мавритания, Чад сингари давлатлари унга нисбатан бироз яхшироқ натижа қайд қилди.

Ўрта Осиё минтақасидан индексга Ўзбекистон ва Туркманистон киритилмади. Қозоғистон 42, Тожикистон 80, Қирғизистон 102-ўринга қўйилди.